“EPAM Systems” Президенти Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ташриф буюрди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- “EPAM Systems” Президенти ва бошқарув раиси Аркадий Добкин Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ташриф буюрди

“EPAM Systems” - 1993 йилда ташкил этилган АҚШнинг АТ-компанияси бўлиб, дунёдаги йирик буюртмали дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи, консалтинг бўйича мутахассис, Беларусь Юқори Технологиялар Парки резиденти ҳисобланади.

“EPAM Systems” раҳбари Ўзбекистонга АТ-тармоғининг салоҳияти билан танишиш учун келди.

Аркадий Добкин IUT га Юқори Технологиялар Парки (Беларусь) асосчиси Валерий Цепкало билан бирга ташриф буюрди.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг биринчи проректори Чо Ву Суг меҳмонларни кутиб олди ва университетнинг ахборот технологиялари соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича фаолияти ҳақида сўзлаб берди.

Шунингдек, меҳмонлар университет талабалари ва ўқитувчилари учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот олишди.

Аркадий Добкин Тошкент шаҳридаги Инҳа университети томонидан таъсис этилган Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация маркази фаолияти билан танишди.

Таъкидландики, “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация маркази Ўзбекистонда ахборот технологиялари бозорини ривожлантириш учун ташкил этилган. Қайд этилдики, Ўзбекистон раҳбарияти АТ-компанияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Инновация марказининг резидентлари учун мисли кўрилмаган имтиёз ва афзалликлар берди.

Учрашув давомида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.