Беларусь ИИВ делегацияси Тошкент шаҳар ИИББ га ташриф буюрди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Беларусь Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари бошчилигидаги ушбу юрт делегацияси аъзолари мамлакатимизга ташриф доирасида Тошкент шаҳар ИИББ фаолияти билан танишдилар.

Учрашувда меҳмонларга шаҳримизда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизими асосида олиб борилаётган ишлар натижасида пасайиб бораётган жиноий ҳолатларнинг асосий омиллари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Делегация раҳбари – Беларусь Республикаси Ички ишлар вазирининг 1-ўринбосари - генерал-майор Иван Подгурский хусусан Бош бошқарма Навбатчилик қисмининг фаолияти, бу ерда шаҳарда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларнинг қай даражада қамраб олиниши ва уларга қанчалик тезкорликда чора-кўрилиши ва соҳага тадбиқ этилган замонавий технологиялар билан қизиқди.

Делегация аъзоларида айниқса, “Хавфсиз пойтахт” концепцияси доирасида амалга оширилаётган узлуксиз патруллаш тартиби катта таассурот уйғотди.

Учрашувда томонлар соҳада ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва жиноятчиликларга қарши биргаликда курашиш юзасидан фикр алмашдилар. Делегация аъзолари шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ қўриқлаш хизмати ҳамда Олмазор туманида янги қуриб битказилган 2-сонли ИИБда яратилган шароит ва уларнинг имкониятлари билан ҳам танишдилар.

Учрашув сўнгида меҳмонларга Тошкент шаҳар ИИББнингесдалик совғалари топширилди. Эслатиб ўтамиз, мазкур ташриф доирасида Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ раҳбарлари томонидан 2018-2019 йилларда Ўзбекистон ва Беларусь Республикалари Ички ишлар вазирликларининг ўзаро ҳамкорликлари тўғрисидаги ҳужжат ҳам имзоланди.