Тошкентда “Самовий шаҳар” пайдо бўлади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Ж. Ортиқхўжаев ўтказган “Очиқ эшиклар куни” орасида бугунгиси муваффақиятлироқ ўтди десак адашмаган бўламиз. Боиси – тақдим этилган лойиҳаларнинг 35% жойида маъқулланди, қолган инвесторларга муқобил участка ва объектлар таклиф қилинадиган бўлди. Киритилаётган инвестициялар турар жойлар, ижтимоий ва ишлаб чиқариш объектлари, савдо-кўнгилочар мажмуалар қуришга йўналтирилади. Умумий қиймати $591 млн. (бундан $173 миллиони тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар) 62 лойиҳа тақдим этилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимияти Матбуот хизмати хабар беради.

Муваффақиятли лойиҳалардан бири – SF Global компаниясининг Sky city (“Самовий шаҳар”) бинолари мажмуи. Лойиҳага киритиладиган сармояларнинг умумий миқдори $500 миллион. Инвесторлар бу маблағларнинг ярмини ободонлаштиришга йўналтиришга тайёр. Кенг ер майдонида баландлиги 30-40 қаватлик замонавий бинолар мажмуини қуриш режалаштирилмоқда. Улардан бири меҳмонхона, 5 таси – офислар ва 6 таси турар жой бинолари бўлади. Тадбир якунлари бўйича қурилиш ишлари 5 ойдан кейин – участка тўлиқ тасдиқланганидан кейин бошланишига қарор қилинди.

Қолган муваффақиятли лойиҳалар ҳақида сизга хабар бериб борамиз.