АҚШ Давлат департаменти делегацияси билан учрашув

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 12 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида АҚШ Давлат котибининг иқтисодиёт ва бизнес масалалари бўйича ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Брайан МакФитерс бошчилигидаги АҚШ Давлат департаменти делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Делегация Ўзбекистонга савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун ташриф буюрди.

Учрашув давомида Ўзбекистон томони ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш ҳолати тўғрисида сўзлаб берди. Хусусан, «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш, давлат органларининг очиқлигини таъминлаш, бизнесни ривожлантириш, электрон тижоратни ривожлантириш ва бошқа соҳаларда ахборот технологияларини жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида сўз борди.

Шунингдек, меҳмонлар мамлакатимизда телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ҳолати, уни янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишдилар. АТ-таълим ҳақида ҳам маълумот берилди. АКТ соҳасида Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигининг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари ҳақида алоҳида сўзлаб берилди. Шу нуқтаи назардан Microsoft, Cisco, IBM, Oracle ва бошқалар каби Америка компаниялари билан ҳамкорлик ҳақида сўз борди.