Ўзбeкистон Халқ таълими вазирлиги делегациясининг АҚШга ташрифи якунланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) --Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Америка Қўшма Штатлари (АҚШ)га ишчи ташрифи якунига етди.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси хабарига кўра, ҳафталик ташрифнинг асосий мақсади мамлакатимизда бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар нуқтаи назаридан мактаб тизимидаги илғор америка тажрибасини ўрганиш, шунингдек тегишли давлат органлари ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлик ўрнатишдан иборат эди.

АҚШ Таълим вазири Элизабет Дэвос билан учрашувда таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг май ойида АҚШга ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга оширишга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси Монтгомеридаги бир қатор жамоат мактабларига ташриф буюрди. Бу мактаблар Қўшма Штатларда мактаб таълими сифати жиҳатидан ўнта энг яхши мактаблардан бири ҳисобланади.

АҚШ Давлат департаментининг тегишли бўлимлари билан учрашувлар чоғида инглиз тилини ўқитиш тизимини такомиллаштириш бўйича икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, АҚШ тажрибаси асосида таълим тизимини марказсизлаштириш, мониторинг тизимини ривожлантириш ва таълим самарадорлигини баҳолаш масалалари муҳокама қилинди.

Америкалик ҳамкорлар билан биргаликда АҚШ таълим тизимининг мутахассисларини мактаб таълим тизимини тизимли ислоҳ қилиш жараёнига жалб қилиш, Ўзбекистонда замонавий ўқитиш методологиясини жорий этиш, жумладан «STEM-таълим» (илмий, техник, муҳандислик ва математик) ўқув машғулотларини жорий этиш билан боғлиқ қатор лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, АҚШнинг этакчи таълим муассасаларида ўқитувчилар учун малака ошириш лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.

Истиқболда барча фанларни инглиз тилида ўқитадиган ихтисослашган мактабларни ташкил этиш музокараларнинг алоҳида мавзуси бўлди.

Шу йўналишдаги лойиҳалар яқинда Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлаган халқаро таълим бўйича Америка Кенгашларининг раҳбарлари билан муҳокама қилинди. Ташкилот президенти Лорн Крейнер билан учрашувдан сўнг ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги меморандум имзоланди, унда томонлар ўрта мактаб ўқитувчиларини ўқитиш ва малакасини ошириш, ўқув жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва АҚШнинг етакчи таълим муассасаларида ўқувчиларни ўқитишнинг мумкин бўлган механизмларини ўрганиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйиш тўғрисида келишиб олдилар.

ХТВ делегацияси АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Америка Эксимбанки ва Жаҳон банки вакиллари билан Ўзбекистондаги мактаб таълимини ислоҳ қилишда молиявий ва техник ёрдам учун маблағ тўплаш бўйича учрашувлар ўтказди.

«One on One Basketball Inc.» каби хусусий компаниялар вакиллари билан учрашувлар чоғида таълим тизимида спортни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистонда спорт мактабларини ташкил этиш учун шарт-шароитлар муҳокама қилинди. Режада АҚШ Миллий баскетбол ассоциацияси (NBA)дан Ўзбекистонга таниқли спортчиларни таклиф қилиб, мураббийлар ва мактаб ўқувчилари учун қатор маҳорат дарсларини ўтказиш учун Ўзбекистонга жалб қилишдир.

Ташриф доирасида Қўшма Штатларда яшайдиган диаспора ташкилотлари ва ватандошлар билан алоҳида учрашувлар ўтказилди. Улар Ўзбекистондаги мактаб тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирдилар, таълим жараёнида ахборот-коммуникация технологиялари ва масофадан ўқитиш, шунингдек, ногирон болалар учун инклюзив таълим механизмларини жорий этиш юзасидан таклифлар бердилар.