Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи Халқаро инновация маркази тузилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Айни кунларда Самарқандда бўлиб ўтаётган «Орол денгизи бассейнида турғун бошқарув ва ижтимоий барқарорликни илгари суриш учун инновацион ёндошувлар» мавзусидаги Халқаро форумининг илк куни ўз ишини бошлади. Инновацион Ривожлантириш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Халқаро Оролбўйи инновация маркази ҳамда Оролбўйида инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этилганини тантанали эълон қилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва Қурғоқчилик шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA) директори Исмахон Элуафи ўртасида ҳамжиҳатлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги Матбуот хизмати хабар беради.

Ҳужжатда Ўзбекистонда Оролбўйи инновация марказини ташкил этиш кўзда тутилган. Марказ Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида жойлашиб, қурғоқчилик шароитида тадқиқотлар, технологиялар трансфери ва таълим соҳасидаги илғор инновация марказига айланади. Халқаро инновацион марказ Орол денгизининг қуриб қолган тубидаги шўралаган тупроқли ерларда экотизимни ва барқарор тирик ҳаётни ривожлантириш, шўрлаган тупроқли муҳитда турли муаммоларни ҳал этиш мақсадида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда инновацияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш,инновацион технологиялар ва ёндашувларни, жумладан, агроўрмон мелиорацияси, саҳрони дарахтзорга айлантириш, сув ости экинлари, биоэнергетика, экинлар диверсификацияси, экинлар комплексини етиштириш, чорвачилик, яйловларни ривожлантириш, қурғоқчиликни бошқариш ва унинг оқибатларини юмшатиш, Орол қуришининг оқибатларини бартараф этиш ва Орол денгизи ҳавзасининг экологик соғломлаштириш соҳасида давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш каби вазифаларни ўз олдига қўйди.

ICBA Марказнинг техник-иқтисодий асослашни қўллаб-қувватлаш жараёнини бошқаради. Оролбўйида инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, Қурғоқчилик шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA), Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган грант танловлари натижаларига кўра ажратиладиган маблағлар, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Ислом тараққиёт банки томонидан лойиҳаларни молиялаштиришга ажратиладиган маблағлар, халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари, юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлмаган шахсларнинг хайрия маблағлари ҳисобидан шакллантирилиши кутилмоқда.