9 ойда Ўзбекистонда ЯИМ ҳажми 5,2 фоизга ўсди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Дастлабки маълумотларга кўра, 2018 йилнинг январь – сентябрида Ўзбекистон Республикаси ЯИМ ҳажми жорий нархларда 244 343,7 млрд. сўмни ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 5,2 % га ўсди. ЯИМ дефлятори индекси 2017 йилнинг январь – сентябридаги нархларга нисбатан 131,6 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Статистика қўмитаси Матбуот хизмати хабар беради.

Иқтисодий ўсиш суръати иқтисодиётнинг асосий тармоқларида кузатилган ижобий динамика билан боғлиқдир. Иқтисодиётнинг барча тармоқларида яратилган ялпи қўшилган қиймат (кейинги ўринларда ЯҚҚ) ҳажми ЯИМ умумий ҳажмининг 86,3 % ини ташкил этди ва 5,3 % га ўсди (ЯИМ мутлоқ ўсишига таъсири 4,6 фоиз пунктни ташкил этди). Маҳсулотларга соф солиқларнинг ЯИМ таркибидаги улуши 13,7 % ни ташкил этди ва 4,5 % даражасида ўсиш қайд этилди (ЯИМ мутлоқ ўсишига таъсири 0,6 ф.п.).

ЯИМ ўсиш суръатига хизматлар соҳаси энг катта таъсир кўрсатди (2,5 ф.п.) ва бу соҳа ўтган йилнинг январь-сентябрига нисбатан 6,0 % га ўсди. Шундан, савдо хизматлари (автотранспорт воситаларини таъмирлашни қўшган ҳолда) 3,9 % га, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар 5,6 % га, ташиш ва сақлаш 3,9 % га, ахборот ва алоқа 17,0 % га ва бошқа хизматлар 6,4 % га ўсди.

Саноат тармоғининг қўшилган қийматида 6,3 % лик ўсиш қайд этилди. Саноат ишлаб чиқаришининг ЯИМ мутлоқ ўсиш суръатига ижобий таъсири 1,4 ф.п.даражасида баҳоланди. Иқтисодий фаолият турлари 28,5 % га, ишлаб чиқарадиган (қайта ишлаш) саноат тармоғи қўшилган қийматининг 2,4 % га ва бошқа саноат тармоқларининг 2,0 % га ўсиши ҳисобига таъминланди.