Илғор инновацион технологиялар – самарадорлик омили

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида “Ванюков жараёни муаммолари, уларни ҳал этиш йўллари ва истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси Миллий технологик тадқиқотлар университети (Россия Федерацияси) “МИСиС”нинг Олмалиқ шаҳридаги филиалида ташкил этилган халқаро анжуманда Россия, Хитой, Германия, Финляндия ва Қозоғистондан олимлар, экспертлар, юртимиздаги соҳа мутахассислари, филиал талаба-ёшлари иштирок этди.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатини техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш, таркибий ислоҳотларни чуқурлаштириш орқали унинг рақобатбардошлигини ошириш борасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Ишлаб чиқариш жараёнига илғор инновацион технологияларни татбиқ этиш самарадорликка эришишнинг, хусусан сарф-харажатларни қисқартириш, ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини ошириш, тизим бошқарувини автоматлаштиришнинг асосий шарти эканига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада комбинатга 2022 йилга қадар 2 миллиард доллар инвестиция жалб этилиши режалаштирилгани қайд этилди.

Маълумки, ўтган асрнинг 40-йилларида россиялик олим А.Ванюков томонидан табиий хомашёни пирометаллургия усули билан қайта ишлаш ҳамда ундан суюқ ва газсимон маҳсулотлар олиш жараёни ишлаб чиқилган. Бу усул кейинчалик ушбу олим номи билан аталган. Мазкур технология нафақат мис, балки қўрғошин ва пўлат металлургияси, балки маиший чиқиндиларни утилизация қилиш соҳасида ҳам қўллана бошланди. Мутахассислар фикрича, айни пайтда Ванюков усули металлургия соҳаси ривожида муҳим аҳамиятга эга, истиқболда ҳам шундай бўлиб қолади.

Халқаро илмий-амалий анжуманда Ванюков жараёни ривожланишининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, бу борадаги дунё тажрибаси ва комбинатнинг реал ҳолатидан келиб чиқиб, ушбу усул асосида Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг мис эритиш заводи фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди.

Конференция иштирокчиларининг мавзуга оид саволларига хорижлик олим ва экспертлар батафсил жавоб берди, деб хабар беради ЎзА.