Кембрижда янги масжид очилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизматининг маълуми қилишича, Буюк Британиянинг Кембриж шаҳрида мусулмонларнинг ибодат қилишлари учун жоме масжидининг очилишига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Ушбу масжид замонавий меъморчилик санъати жиҳатидан Буюк Британияда ўхшаши йўқ обида бўлади.

Бундан 40 йил олдин исломни қабул қилган, ҳозирда масжидлар масъуллари кенгаши раиси вазифасида ишлаётган Тим Уинтер масжид, асосан ҳомийлар ҳисобидан барпо этилаётганини айтган. Тахминий ҳисоб-китобларга қараганда, масжид қурилиши учун 23 миллион фунт стерлинг маблағ сарфланган.

Янги масжид минг нафар намозхонга мўлжалланган. Масжид ҳовлисида авто ва бошқа уловлар учун ҳам махсус тураржой барпо этилган.

Масжиднинг ёрқин дизайнига шифтга ўрнатилган саккиз хил рангдаги ойналар, полга тўшалган Испания мармарлари ва Шимолий Ирландиянинг декоратив эман панеллари ўзгача шукуҳ бағишлаган.