"Ҳунарманд" уюшмаси аъзолари Халқаро Маданият фестивали ва хунармандчилик ярмаркасида иштирок этишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистонлик ҳунармандар Ҳиндистонда ўтказилаётган ярмаркада иштирок этмоқда. Ҳиндистоннинг Харьяна штатидаги Фаридобод шаҳрида ўтказилаётган «Surajkund International Crafts Mela 2019» 33-Халқаро Маданият фестивали ва хунармандчилик ярмакаси 17 февралига қадар давом этади.

Мазкур тадбир 1987 йилдан буён Ҳарьяна штати саёхлик департаменти ва Ҳиндистоннинг туризм, маданият ва ташқи ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказиб келинади. У Осиёдаги энг йирик фестиваллардан биридир. Бу ерга ҳар йили миллионлаб меҳмонлар Ҳиндистон ва хорижий мамлакатларнинг анъанавий ҳунармандчилик маҳсулотлари, маданияти, анъаналари ва санъати билан танишиш мақсадида ташриф буюради.

Тадбирда дунёнинг 30 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этмоқда. Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси кўмагида "Ҳунарманд" уюшмаси вакиллари Ўзбекистон делегацияси сифатида қатнашиб, сопол, каштачилик ва заргарлик буюмлари ҳамда ёғоч ўймакорлиги наъмуналарини тақдим этди. Ҳунармандларимиз томонидан тақдим этилган асарлар ўзбек халқининг маданияти, анъаналари, тарихи нақадар гўзал эканлигини яна бир бор намойиш этади.