Ўзбекистон илк бор Берлин халқаро кинофестивалида ўз миллий павилиони билан иштирок этади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон делегацияси 7-15 феврал кунлари бўлиб ўтадиган бутунжаҳон киносаноати вакиллари учун энг йирик тадбирлардан бири бўлган Европа кинобозорида биринчи марта ўз тақдимотлари билан иштирок этишади. Мазкур йирик кинематография бизнеси майдончаси “Berlinale”, яъни Берлин халқаро кинофестивали доирасида ташкиллаштирилади.

Ўзбекистон миллий кинокомиссияси ҳамда Европа кинобозори ўртасида эришилган келишувга кўра бу йил киномаркетнинг юзлаб стендлари орасида Ўзбекистон миллий павилиони ҳам бўлади. Унда мамлакатимизнинг тажрибали ва ёш киномутахассисларидан иборат делегация қатнашиб, хорижий кинокомпаниялар вакиллари билан музокаралар ўтказишади.

Делегатлар жаҳон киносаноати вакиллари билан Ўзбекистон иштирокида қўшма кинолойиҳалар қилиш ҳамда чет эл кинокомпанияларини юртимизга фильмлар суратга олиш учун таклиф қилиш юзасидан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишни мақсад қилишган.

Мутахассислар кинотуризм йўналишини ривожлантириш мамлакатга сайёҳлар оқимини кўпайишга ёрдам беришига ишонмоқда. Ушбу павилионни ташкиллаштиришда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Кинематографияни ривожлантириш маркази ҳамда Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси яқиндан кўмаклашди.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий кинокоммиссияси 2018 йилда Ўзбекистон Президентининг миллий киноиндустрияни ривожлантиришга доир қарорига мувофиқ ташкил этилган эди.

Манбаа: Ўзбеккино миллий агентлиги.