Теннис бўйича New York Open чемпионатида Денис Истомин америкалик Маккензи Макдональдга қарши кортга чиқади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 11 – феврал куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида теннис бўйича нуфузли ҳисобланган турнирнинг асосий тўр баҳслари старт олади.

New York Open мусобақасини ҳамюртимиз Денис Истомин ҳам иштирок этади. Дунёнинг тўққизинчи ракеткаси америкалик Жон Изнер турнирнинг биринчи ракеткаси сифатида қайд этилган. Яна бир мезбон ракеткаси устаси Франсис Тиафо эса иккинчи рақам остида ҳаракат қилади.

Бугун New York Open турнирининг асосий тўрига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Денис Истомин илк даврада америкалик Маккензи Макдональдга қарши кортга чиқадиган бўлди.

Ушбу жуфтлик ғолиби иккинчи босқичда турнирнинг бешинчи ракеткаси франциялик Андриан Маннарино ҳамда америкалик Рейли Опелка учрашуви ғолибига қарши баҳс олиб боради.

Мусобақа ғолиби 119 800 доллар мукофот пули ҳамда 250 рейтинг очкосини қўлга киритади. Вице-чемпион 64 780 доллар ҳамда 150 рейтинг очкосига эга бўлади. Биринчи даврада кортга чиққан барча теннисчилар ўз ҳамёнларини 7 000 долларга бойитиб олишади.

Манбаа: Olamsport.com